Шеробод тумани ҳокимлиги
ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БАРПО ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

Конституциявий Қонун референдум якунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан 2023 йил 01 май кунида кучга кирди.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга хизмат қилаётганлиги таҳсинга сазовор. Шунингдек, янгиланган Конституция Ўзбекистон учун ҳаётий зарурат бўлиб, бу мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда эришган ютуқларимиз, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги “музлар эригани” ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш, бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилди.

Натижада эса янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи Янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган норма мустаҳкамланди.

Янги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат тамойили мустаҳкамланди, эндиликда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.

Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади.

Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.

Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позитсияни эгаллайди.

Сурхондарё вилоят суди судяси Зухриддин Мавлонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси